Линклар

Шошилинч хабар
08 июл 2025, Тошкент вақти: 21:22

БМТ: Юз минглаб афғон Эрондан мажбурий равишда чиқарилмоқда


2025 йил 27 июнь куни Эрондан депортация қилинган афғон қочқинлари Афғонистон ва Эрон ўртасидаги Исломқалъа чегара пунктига етиб келмоқда.
2025 йил 27 июнь куни Эрондан депортация қилинган афғон қочқинлари Афғонистон ва Эрон ўртасидаги Исломқалъа чегара пунктига етиб келмоқда.

Сўнгги ҳафталар ичида юз минглаб афғонлар Эронни тарк этди. Бу ҳаракат Теҳрон томонидан мамлакатда ҳужжатсиз яшаб келаётган 4 миллиондан ортиқ афғон муҳожирга 6 июлгача Эронни тарк этиш талабини қўйганидан кейин бошланди. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар бу ҳолатни жиддий хавотир билан кузатмоқда, чунки қайтиб келаётганларга ёрдам бериш учун маблағлар кескин етишмаяпти.

Халқаро миграция ташкилоти (IOM) маълумотларига кўра, фақат июнь ойининг ўзида 256 мингдан ортиқ афғон Эрондан Афғонистонга қайтган. Ташкилот бундай мислсиз репатриация тўлқини IOM ва унинг ҳамкорларининг ёрдам кўрсатиш имкониятини чеклаётганини, эҳтиёжмандларнинг атиги 10 фоизига ёрдам етиб борганини таъкидламоқда.

Эрон расмийлари мамлакатда 6 миллиондан ортиқ афғон яшашини, уларнинг катта қисми ҳужжатсиз эканини маълум қилмоқда. Кўплаб афғон муҳожирлар Эронда доимий камситишларга дуч келаётганини айтмоқда.

Айрим Эрон нашрларининг хабар беришича, сўнгги депортация тўлқини давомида ҳатто яроқли визаси бор бўлган афғонлар ҳам мажбуран чиқариб юборилган.

Маълумотларга кўра, июнь ойи ўрталарида бошланган Эроннинг Исроилга қарши 12 кунлик уруши ҳам муҳожирларнинг чиқиб кетишига таъсир қилган. Эрон давлат ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, номаълум миқдордаги афғон фуқаролари Исроил фойдасига жосусликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Жосусликда айбланиб ушланган афғонлар

2025 йил 5 июль куни БМТнинг Афғонистонда инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиcи Ричард Беннетт ўзининг X (аввалги Twitter) саҳифасида маълум қилишича, "юзлаб" афғонлар ҳамда бошқа этник ва диний озчилик гуруҳларининг аъзолари ушланган ва "жосусликда айбланаётгани" билдирилган.

Беннетт, шунингдек, Эрон ОАВ томонидан афғонлар ва озчилик жамоаларни "хиёнаткор" сифатида таърифлаш ҳолатларидан ҳам жиддий хавотир билдирган.

2025 йил 28 июнь куни Афғонистон ва Эрон ўртасидаги Исломқалъа чегара пунктида қайтиб келаётган афғонлар суратга олинди.
2025 йил 28 июнь куни Афғонистон ва Эрон ўртасидаги Исломқалъа чегара пунктида қайтиб келаётган афғонлар суратга олинди.

Афғонистонлик муҳожирлар: “Жосуслик” айблови билан ушланганлар қийноққа солиниб, депортация қилинмоқда

Эронда яшовчи бир неча афғон муҳожир “Озодлик” радиосига маълум қилишича, жосуслик айблови билан ушланган афғон фуқаролари қўлга олингач тазйиққа учраган, сўнг эса ҳатто яроқли ҳужжатлари борлигига қарамасдан Афғонистонга депортация қилинган.

Теҳронда яшовчи ёш афғон муҳожир сўзларига кўра, унинг отаси яқинда Эрон полицияси томонидан асоссиз жосуслик айблови билан қўлга олинган ва қаттиқ қийноққа солинган.

«Отам жосуслик айблови билан ҳибсга олинди ва қийноққа учради, – деди муҳожир ўз шахсини очиқламаслик шарти билан. – Оёқлари занжир билан боғланган, овқат ҳам, сув ҳам берилмаган. У бир неча кун давомида полицияда сақланди ва кейинчалик Афғонистонга чиқариб юборилди. Бу ерда афғон муҳожирлари учун вазият жуда оғир.»

Унинг сўзларига кўра, унинг визаси яқинда амалдан чиққан ва у ҳозир уйдан чиқишга журъат қилмаяпти, чунки ўзини ҳам ушлаб, депортация қилишларидан хавотирда.

Яна бир афғон қочқини ҳам шунга ўхшаш фикр билдирди: «Сўнгги бир-икки ҳафта ичида афғон муҳожирлар ҳолати янада ёмонлашди. Ҳатто қонуний мақоми ва иши бор одамлар ҳам қўрқув ичида яшаяпти. Деярли барча дўстларимизни чиқариб юборишди. Бу вазият жуда хавотирли,» – деди у 6 июль куни “Озодлик”ка.

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Янтар жамғармаси (IFRC) қайтиб келаётганлар ўз уйларига йўл олган чоғда "чарчоқ, очлик ва номаълумлик"ни бошдан кечиришганини маълум қилди. Исломқалъа чегара пункти, 2025 йил 28 июнь.
Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Янтар жамғармаси (IFRC) қайтиб келаётганлар ўз уйларига йўл олган чоғда "чарчоқ, очлик ва номаълумлик"ни бошдан кечиришганини маълум қилди. Исломқалъа чегара пункти, 2025 йил 28 июнь.

Халқаро миграция ташкилоти (IOM) ва қайтиб келаётганларга ёрдам кўрсатувчи бошқа халқаро ташкилотлар, жумладан Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Янтар Жамғармаси (IFRC), кўплаб афғон муҳожирлар “фақат кийимларидан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмай,” “овқат, тиббий ёрдам ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёж билан” қайтиб келаётганини билдирди.

IFRCнинг 2025 йил 5 июлдаги маълумотига кўра, жуда катта гуруҳ афғонлар, жумладан кўплаб болалар, 43 даража иссиқликда “уйга қайтиш йўлида чарчоқ, очлик ва номаълумликни бошдан кечирган ҳолда” Исломқалъа чегара пункти орқали кириб келмоқда.

Бундан ташқари, январ ойидан буён Эрондан 800,000 дан ортиқ афғон қайтиб келган.

Шу билан бирга, Покистондан ҳам юз минглаб афғон муҳожирлари келмоқда — Покистон бу йил 3 миллион афғонни мамлакатдан чиқариб юборишни режалаштирмоқда.

БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги UNHCR эса ўтган ойда маълум қилдики, бу йил ҳозиргача Эрон ва Покистондан камида 1,2 миллион афғон мажбурий равишда қайтиб келган. Бу эса Афғонистондаги нотинч вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин бўлган жиддий инқирозга айланмоқда.

XS
SM
MD
LG