Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ноқонуний ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Гулнора Каримованинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб топди.
Ташкилот хулосасига кўра, собиқ президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2014 йилдан бери халқаро ҳуқуқ талабларига зид равишда қамоқда сақланмоқда.
Ишчи гуруҳ Каримова устидан чиқарилган ҳукм адолатли ёки адолатсиз эканинини аниқлаш унинг компетенциясига кирмаслигини таъкидлаган.
Ҳуқуқ фаоллари БМТ хулосасини Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимидаги йиллар давомида ўзгармай келаётган муаммоларнинг навбатдаги тасдиғи сифатида баҳолашмоқда.
"Ошхонадаги суд"
БМТнинг Ноқонуний ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи жорий йил 19 июнь куни Гулнора Каримова иши бўйича ўз хулосасини эълон қилди.
Унга кўра, Гулнора Каримова 2014 йил 14 февралда ҳеч қандай ҳибс қарори ёки ордерсиз ушланган ва 18 ой давомида суд қарорисиз уй қамоғида сақланган.
Гулнора Каримова 2014 йил 14 февралда ҳибс олинган.
Бу вақтда унинг 15 ёшли қизи Иймон ҳам у билан бирга бўлган ва мактабга бора олмаган.
Дастлабки суд мажлиси 2015 йил 21 август куни Гулнора Каримованинг Тошкентдаги уйи ошхонасида ўтказилган. У ерда давлат томонидан тайинланган икки адвокат қатнашган, лекин Каримова улар билан олдиндан гаплаша олмаган. Бу “ошхона суди” Каримовани 5 йил муддатга уй қамоғига ҳукм қилган.
Каримованинг иккинчи суди 2017 йил 18 декабрида Тошкент вилоят судида ёпиқ тарзда ўтган. Каримовага апелляция бериш имконияти берилмаган. У 10 йилга озодликдан маҳрум этилган ва 2018 йил январида Тошкент вилоятидаги жазо колониясига ўтказилган.
2019 йилнинг сентябрида Каримовага қарши учинчи жиноят иши қўзғатилиб, у 13 йил 4 ой озодликдан маҳрум этилган.
Гулнора Каримова - Ислом Каримовнинг сиёсий вориси сифатида кўрилган.
БМТ: Каримованинг ҳуқуқлари бузилган
БМТ хулосасида айтилишича, барча суд жараёнлари ёпиқ ва ношаффоф бўлган, гувоҳлар сўроқ қилинмаган, Каримова адвокатлар билан эркин мулоқот қила олмаган, унга айбловларга жавоб бериш ва уларни рад этиш имконияти тақдим этилмаган.
Мавзуга алоқадор Гулнора Каримова манзил колонияга чиқарилди - манбаларНатижада, БМТ гуруҳига кўра, Гулнора Каримованинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3, 8, 9 ва 11-моддалари ҳамда Сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактнинг 2, 9 ва 14-моддаларида кўзда тутилган ҳуқуқлари бузилган.
Бирлашган Миллатлар Ўзбекистон ҳукуматига халқаро қонунчилик доирасида Каримовага маънавий товон тўлаш масаланинг кўриб чиқиш, шунингдек, Каримова иши бўйича холис тергов ўтказиш ва жавобгарларни жазолашни сўраган.
“Гулнора Каримова иши бўйича суд адолатли бўлганми ёки бўлмаганми- буни билиш жуда қийин. Чунки ўша пайтда жиноят иши материаллари ёпиқ-яширинча кўрилган, жамоатчиликка маълум бўлмаган.
“Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида иш тафсилотларидан хабардор эмасмиз. Ҳозир БМТ ишчи гуруҳининг чиқарган тадқиқот хулосалари ҳам юридик характерга эмас, балки тавсиявий характерга эга. Ўзбекистон ҳукумати катта эҳтимол билан бу ҳукмларни ўзгартирмаслиги мумкин. Гулнора Каримова жазо муддатларининг аксарият қисмини бўлган. Ҳозирда Пскентдаги аёллар манзил колониясида жазо муддатини ўташни давом эттиряпти. БМТ ишчи гуруҳи хулосаси- Гулнора Каримова озодликка чиққач, агар бошқа мамлакатларга кетадиган бўлса, сиёсий бошпана олиши нуқтаи назаридан фойдали бўлиши мумкин бўлади", дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
"Ўзбек суд тизими устидан чиқарилган ҳукм"
Бир пайтлар отаси - биринчи президент Ислом Каримовнинг сиёсий вориси сифатида кўрилган, аммо ҳали отаси тириклигидаёқ қамоққа ташланган Гулнора Каримованинг тақдири нафақат ички сиёсий курашлар, балки бугунги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимининг қай аҳволда эканини кўрсатадиган яна бир мисол. Ҳуқуқ фаолларига кўра, БМТнинг "асоссиз ва адолатсиз ҳибс" деб баҳолаган қарорлари – ягона ҳолат эмас, балки бутун бир тизимнинг муаммосидир.
“Гарчи 10 йилдан зиёд қамоқда қолаётган Каримованинг тақдири, фарзандларидан
Берлиндаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми раҳбари Умида Ниёзова.
ташқари ҳеч кимни қизиқтирмаса-да, БМТ Ишчи гуруҳининг қарори Ўзбекистондаги суд тизими қандай аҳволда эканини кўрсатиб турибди. Бу алоҳида хавфли зона, бу – қоидаларсиз, раҳм-шафқатсиз тўқнашувлар майдони, бу – ўзбек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги бандитларча тартиблар ҳақида. Бу – бугун давлат марҳаматидан баҳраманд бўлаётган, тадбиркорлар эътибор қаратиши керак бўлган ҳолат. Чунки вазият жуда тез ўзгариши мумкин. Бундай мисоллар талайгина...
Каримова отаси қурган ва унинг оиласига хизмат қилиши керак бўлган тизим ва қонунсизликнинг қурбони бўлди… Эҳтимол, ҳеч кимнинг унга раҳми келмас. Лекин Ўзбекистонда шундай тизим шаклланганки, унда коррупционерлар қамоққа ташланади, лекин коррупция камаймайди. Каримованинг очиқ ва адолатли суд-маҳкамасиз қамоқда бир умр қолиши мумкинлиги фақат адолатсизликнинг давом этишига хизмат қилади”, деб ёзди Facebook саҳифасида эълон қилган постида Берлинда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми раҳбари Умида Ниёзова.
Мирзиёевча суд ислоҳоти
Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизимини очиқча танқид қилди, ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди. Бироқ амалиётда судларнинг мустақиллиги таъминланмади.
Ҳуқуқ фаоллари фикрича, Мирзиёев танқидларидан кўп ўтмай, яна Каримов бошқаруви давридаги амалиётлар қайтган, қийноқлар кўпайган.
Мавзуга алоқадор "Интернет полицияси". Ўзбекистонда тармоқлар устидан назоратни кучайтириш таклиф қилиндиҲуқуқ ҳимоячилари, жумладан, 7,3 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист Абдуқодир Мўминов, 8 йиллик жазо муддатини ўтаётган Олимжон Ҳайдаров ва мажбурий равишда руҳий шифохонага жойлаштирилган блогер Шоҳида Саломова каби ўнлаб фаолларнинг иши бўйича мустақил тергов ўтказиш зарур, деб ҳисоблашади.
Бироқ Ўзбекистон ҳукумати бу каби чақириқларни жавобсиз қолдириб келади БМТнинг Ноқонуний ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи расмий Тошкентга бу борада аввал ҳам бир неча тавсиялар берган, аммо уларнинг амалда қандайдир натижа бергани кузатилмаган.
Ўзбек расмийлари охирги тавсия юзасидан бирон изоҳ берганича йўқ.
"Мазкур ишчи гуруҳнинг бошқа шахслар бўйича ҳам хулосалари бор. Лекин бу хулосалар, афсуски, бирор юридик қийматга эга бўлмаган. Масалан, биз ўз вақтида Аъзам Фармонов, Аъзам Турғунов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид ишлари бўйича бу каби хулосалар олганмиз. Женевадаги қўмитанинг аъзолари бизга бу хулосаларни юборган. Лекин афсуски, бу хулосалар суд жараёнларида инобатга олинмаган яъни суд ҳукмларининг ўзгаришига асос бўлмаган", дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
Гулноранинг пуллари
Жорий йил 23 апрель куни Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг Швейцариядан қайтарилган пуллари қаерга сарфланаётгани ҳақида илк бор ҳисобот берди. Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия ва иқтисодиёт вазирлиги эълон қилган инфографика Ўзбекистон Олий суди Каримованинг қамоқдан озод этилгани ҳақидаги навбатдаги хабарни рад этган паллага тўғри келди.
Инфографикадан кўринишича, ўғирланган пуллар оналар ва чақалоқлар ўлимини камайтириш ҳамда таълимни ривожлантириш лойиҳаларига сарфланмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги фаоллар Каримованинг Белгиядаги пуллари тақдиридан хавотирда. Хориждаги Central Asia Due Diligence ва Uzbek Forum for Human Rights ташкилотлари Каримова пуллари борасида Белгия ҳукуматига қўшма баёнот билан чиқди.
Бош вазир аралашган коррупция можароси
Ўзбек фаоллари 2014 йилдан бери Гулнора Каримованинг хориждаги пуллари тақдиридан хавотир билдириб келишади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳисоб-китобича, Гулнора Каримова давлат ва одамларга 1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион АҚШ доллари, 26,1 миллион евро миқдорида зарар келтирган.
Гулнора Каримова Европа ва АҚШдаги қатор халқаро жиноят ишлари ва суриштирувлар фигуранти саналади.
Европа давлатлари Гулнора Каримовани, хусусан, Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик телеком ширкатларидан юзлаб миллион ақш доллари миқдорида пора олиб, уларни турли коррупцион схемалар ёрдамида легаллаштирганликда айблаган.
Гулнора Каримова отаси, президент Ислом Каримов тириклигидаёқ қамоққа ташланган.
Ўзбек телекоммуникация бозоридаги коррупцияга доир халқаро суриштирувларда жорий Бош вазир Абдулла Арипов номи ҳам тилга олинган. Ўша пайтда коммуникация соҳасини назорат қилган Бош вазир ўринбосари Абдулла Арипов 2012 йилда ишдан олинган. Айрим хабарларда унга нисбатан жиноят иши очилгани айтилади. Собиқ мулозим бир муддат Тошкент алоқа коллежида оддий ўқитувчи сифатида ишлагани маълум. Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Абдулла Ариповни реабилитация қилди ва Бош вазир этиб тайинлади.
Ўтган вақт мобайнида Арипов бирон марта ўзбек телекоммуникация бозоридаги коррупция иши тергов қилинган Швейцария, Франция ва АҚШга сафар қилмаган.
Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани жиноий гуруҳ ташкил этганлик, фирибгарлик, ўзлаштириш ва расраф қилиб талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 13 йил 4 ой озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган эди.